“Алоқа тарихи музейи”га 10 йил.

“Алоқа тарихи музейи” 2009 йил 24 октябрда расман ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, мана бугун 10 йиллик тарихга эга бўлди.  Ўзбекистонда алоқа соҳасининг тарихи,  ривожланиши, эришилган ютуқлар музейдаги  экспозициялар орқали кенг намойиш этилган.   Музейдаги  Почта, Телеграф, Телефон, Радио, Телевидения , мобиль алоқа йўналишларининг тарихи ва уларнинг ривожланиш даврини қамраб олган экспозициялар музей ташрифчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.    Музейда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини Ўзбекистон мустақиллигидан кейинги даврида ривожланишини акс эттирувчи   маълумотлар экспозициялар кенг ёритилган.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги  корхона ва ташкилотларнинг, ўқув муассасаларининг  тарихи ва ривожланишини акс эттирувчи экспонатлар,  экспозициялар ва  стендлар музейда намойишга қўйилган.

 Соҳа корхоналари томонидан музейга  тақдим этилиб, бугунги кунда намойишга қўйилган ҳамда захирада сақланаётган      17 мингдан зиёд асосий ва илмий экспонатлар, тарихий материаллар, китоб ва журналлар музейнинг намойиш залларидан муносиб ўрин эгаллаган.

Шу ўтган 10 йил мобайнида  соҳа корхона ва ташкилотлари, соҳанинг фахрийлари, шунингдек аҳоли томонидан музейга кўплаб тарихий экспонатлар тақдим этилиб, Музей фондини янада кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшдилар. Бу хайрли ишлари учун уларга музей жамоаси ўз миннатдорчилигини билдиради.

  “Алоқа тарихи музейи” республикадаги ёш музейлардан ҳисоблансада, соҳа корхоналари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида,  Республикадаги етакчи музейлар қаторида ўз ўрнига эга бўлди. Бугинги кунда “Алоқа тарихи музейи” жаҳонга машҳур www.tripadvisor.com сайти рейтингига биноан, Ўзбекистоннинг энг қизиқарли музейлари ўнталигига киритилган.

  Ўтган даврда музейда эришилган ютуқлар  вазирлик ва соҳа корхоналари билан олиб борилаётган ҳамкорлик маҳсули деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда ушбу тизимга кирувчи соҳа корхоналарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Музей ходимлари томонидан алоқа соҳасининг бой тарихи ва меросини ёш авлодга етказиш ва бу борада тушунча ва тасаввурларини бойитиш ҳамда улар қалбида соҳага қизиқиш ўйғотиш мақсадида, соханинг олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари, шунингдек бошқа таълим муассасалар ва мактаблар билан ҳамкорликда ишлар  олиб борилмоқда. Шу ўтган 10 йилда музей ташрифчиларнинг сони 160 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.  Музей раҳбарияти 10 йил давр ичида “Алоқа тарихи музейи”ни яратилиши, ривожланиши, такомиллашуви, зафарлари, элга танитишда ўз хиссаларини қўшиб келаётган соҳа корхоналари ва музей ходимларини ушбу юбилей сана билан табриклайди.